Қатар пойтахти Доҳада нефть қазиб олувчи давлатларнинг учрашувида нефть ҳажмини музлатиш бўйича битим тузилмади. Бу ҳақда журналистларга Нигерия нефть вазири Ибе Качикву маълум қилди, деб хабар берди ТАСС ахборот агентлиги. 

"Биз тахминан июнда яна учрашишга ҳаракат қиламиз", деб айтган Качикву. Качикву учрашув яна шу таркибдаги бўлиши-йўқлиги ҳақидаги саволга ижобий жавоб берди.

Қатар нефть ва энергетика вазири Муҳаммад ибн Салоҳ ас-Сад нефть қазиб олувчи давлатлар "музлатиш"нинг бир неча механизмларини келишиб олишгани, турли сценарийларни баҳолашгани ва қарорлар қабул қилиш учун кўпроқ вақт кераклигига қарор қилишганини маълум қилди.

Reuters ахборот агентлиги манбаларига кўра, ОПЕК давлатлари аввал ташкилот ичида келишиб олишмоқчи.

Ас-Сад учрашув иштирокчилари маслаҳатлар ўтказиш учун қўшимча вақтга эҳтиёж сезаётганини айтди.

"Учрашув барчамиз қўшимча маслаҳатлар ва муҳокамалар ўтказиш учун бугунги кундан июнгача қўшимча вақтга эҳтиёжманд эканлигимиз борасидаги қарор билан якунланди. Июнда ОПЕКнинг ўзаро ва бошқа томонлар билан маслаҳатлашувчи барча давлатлари йиғилиши бўлиб ўтади", деб айтди Ас-Сад.

2016 йил бошида нефть нархи 30 доллардан пастроққа тушиб кетди. Доҳадаги учрашувдан мақсад нархни тўғрилаш бўлган.