Европа Иттифоқи Эроннинг халқаро банклар билан ҳамкорлигига тўсқинлик қилаётган муаммолар борасида Вашингтон билан музокаралар олиб бормоқда. Эрон ўзига нисбатан санкцияларнинг бекор қилиниши ва "олтилик" ҳамда Теҳрон ўртасида имзоланган ядро шартномаси кучга киргач, ғарб банкларида музлатиб қўйилган маблағларидан фойдаланишда муаммоларга дуч кела бошлаган эди. Бу ҳақда Европа ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича бош комиссари Федерика Могерини Тасним агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

"Европа Иттифоқи Эрон билан савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Европаликлар ўз банкларининг Эронда бўлишидан манфаатдор", деб қайд этган Могерини.

ЕИ санкциялари бекор қилингач, Эроннинг 40дан ортиқ банки SWIFT тизимига уланди. Бироқ, Европа компаниялари доллардаги тўловлар борасида қийинчиликларга дуч келмоқда. Европанинг бир қатор йирик молия муассасалари, Эрон билан битимларга хизмат кўрсатгани учун АҚШнинг кескин жазо чораларидан хавфсирамоқда.

Могеринининг таъкидлашича, Брюссель ва Теҳрон энергетика, транспорт ва технологиялар алмашинуви соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган.