Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши ҳар бир британиялик оила учун 4,3 минг фунт стерлинг (6,1 минг доллар) миқдорида йиллик зиён келтириш эҳтимоли мавжуд. Бу ҳақда Буюк Британия молия вазири Жорж Осборнга асосланиб ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

“Ғазначилик таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши, нафақат Европа мамлакатлари билан, балки бошқа давлатлар билан ҳам савдо алоқалари камайтиради. Сармоя кириши сусаяди, бизнес даражаси ҳам пасаяди. ЕИдан чиқса, Буюк Британия камбағаллашади”, - деди Осборн The Times газетасида чоп этилган баёнотида.

Британияликлар эса мамлакат тақдирини бирга баҳам кўришларига тўғри келиши айтилган.

Вазирнинг айтишича, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига тўғридан-тўғри аъзолигидан бошқа ҳеч бир модель қиролликка ягона бозорга тўғридан-тўғри кириш имконини бера олмайди. Евроскептиклар ташвиқот компаниясини бошқарувчи Лондон мэри Борис Жонсон Европа Иттифоқидан чиқилгач, Лондон ва Брюссель ўртасида худди Канада ва ЕИ ўртасида имзоланган келишувга ўхшаш шартнома имзоланишини тасдиқламоқчи. Бу эса Британия иқтисодиётининг 6 фоизгача пасайишига олиб келиши мумкин.

“Хулоса оддий: Британия иқтисодиёти учун ҳам, британиялик оилалар учун ҳам ЕИдан чиқиш ўз-ўзимизга етказадиган энг оғир жароҳат бўлади”, - фикрини давом эттирди молия вазири.

Молия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибида бўлиши ҳамда Европа билан алоқалар ўрнатишнинг бошқа вариантларида фойда ва зиён ўрганиб чиқилди. Ушбу 200 саҳифалик ҳисобот 18 апрель куни чоп этилади.