Буюк Британия қироличаси Елизавета II уни танимаган америкалик сайёҳлар билан ҳазиллашди. Daily Mail'нинг хабар беришича, бу ҳақида Ҳазрати Олияларининг собиқ қўриқчиси Ричард Гриффит маълум қилган.

Гриффитнинг сўзларига кўра, қиролича Шотландиядаги Балморал қароргоҳи яқинида сайр қилиб юрган. У одми кийинган, бошида рўмол бўлган. Бир гуруҳ америкалик сайёҳлар қироличага дуч келганларида, уни танишмаган.

"Шу яқин атрофда яшайсизми?", - деб сўради ҳеч нарсадан хабари йўқ сайёҳ.

Сўнг ундан қироличани кўрган-кўрмаганлигига қизиқишади. Елизавета II "Йўқ, мен кўрмаганман, аммо у кўрган", - деб ёнидаги соқчига ишора қилади.