Ҳиндистон ҳукумати "ақлли шаҳар"лар тўғрисидаги ваъдасини бажармоқда

Жаҳон 18 Апрель 2016 1039

Бундан бир неча йил аввал Ҳиндистон ҳукумати 20та шаҳарни “Ақлли шаҳар”га айлантириш борасида ваъда берган эди. Айни дамда бу ваъдалар аста-секин ҳаётга татбиқ этила бошланди. Танлаб олинган бу шаҳарларнинг 13таси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан энг ифлос шаҳарлар рўйхатига киритилган эди.

“Ақлли шаҳар”лар рўйхатига Деҳли, Махараштра штатидаги Пуна, Ражастхон штати маъмурий маркази Жайпур, Орисса штати пойтахти Бхубанешвар, Тамилнад штатидаги Ченнаи, Мадхья-Прадеш штатидаги Бхопал шаҳарлари ҳам бор. “Ақлли шаҳарлар”да умумий ҳисобда 35 миллион кишининг истиқомат қилиши айтилади.

Тарқатилган хабарларга қараганда, Кришна дарёси соҳилларида Амаравати деб номланмиш янги “ақлли шаҳар” сингапурлик қурувчилар томонидан қурилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, ҳудуди 17 миллион квадрат километр бўлган янги мегополис бир вақтлар бананзор, ўрмон ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилган минтақада қад ростламоқда. Меъморларнинг режасига кўра, юқори технологиялар жорий этиладиган мазкур шаҳар Сингапурга ўхшаб кетади. Шу билан бирга шаҳар ичидан оқиб ўтувчи дарё ва унда сузувчи қайиқлар Амараватини ҳинд Венециясига айлантиради.

Мегаполис атрофида еттита йўлдош шаҳарча қад ростлайди. Йўлдош шаҳарчаларнинг ҳар бири иқтисодиётнинг маълум соҳасига ихтисослаштирилади. Нима бўлганда ҳам 2035 йилга бориб мегополис ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларида умумий ҳисобда 11 миллион кишининг истиқомат қилиши, 3 миллион 300 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда. 2050 йилга бориб эса шаҳар аҳолиси 13,5 миллион кишига етиб, 5,6 миллион иш ўрни яратилади.

Амаравати шаҳрида иккита аэропорт, минг километрлик автомобиль йўллари, 300 километрлик велосипед ва пиёдалар учун йўлаклар қурилади. Метро билан қўшиб ҳисоблаганда ўта тез ҳаракатланувчи поезд йўлларининг умумий узунлиги 135 километрни ташкил қилади. Шаҳарда қуриладиган барча иншоотлар маҳаллий аҳолининг урф-одат ва анъаналарига мос келиши кўзда тутилади. Шаҳар маҳаллаларга бўлинади. Ҳукумат идоралари четроқда жойлашади. Губернатор қароргоҳи атрофида дам олиш боғи қурилиши режалаштирилмоқда. Боғ атрофида эса бир ва икки қаватли ҳукумат бинолари барпо этилади. Умумий ҳисобда давлат идораларида 62 минг кишининг ишлаши кутилмоқда. Мегополисда осмонўпар бинолар, университет бинолари бўлади. Дарё соҳилларида кенг жамоатчилик вакилларининг дам олиши учун кўнгилочар, шу билан бирга, яшил ҳудуд барпо этилиши кўзда тутилади. Дам олиш боғи шаҳар худудининг 40 фоизини эгаллайди.

“Келажак шаҳри” лойиҳаси Сингапурнинг Surbana Jurong Private Ltd. компанияси томонидан яратилди. Мазкур компания раҳбарияти Амаравати шаҳрини Ҳиндистондаги илк “ақлли шаҳар” бўлишига ишонмоқда. Кузатувчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда бўлажак шаҳардаги ерларнинг нархи 15 баробарга кўтарилиб кетди. Минтақа ҳукумати маҳаллий фермерлардан 12,5 минг гектар ҳудудни сотиб олди. Тўғри, фермерларга пуллар бирданига эмас, яқин ўн йилликларда берилади. Шундан сўнг, ерларнинг учдан бир қисми инфратузилмалари билан бирга ўз эгаларига қайтарилади.

Мегаполис Андхра-Прадеш штатининг маъмурий марказига айланади. Маълумки, штатнинг аввалги пойтахти Ҳайдаробод шаҳри ўтган йилда ҳукумат қарорига кўра, штатдан ажратиб чиқарилган эди. Ҳайдарободнинг ажралиб чиққанидан сўнг, аҳолисининг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қилувчи штат даромад кўрувчи минтақадан дотацияга ўтириб қолган ҳудудга айланиб қолди. Даромадни қайта тиклаш мақсадида штат губернатори Чандрабабу Найду янги пойтахт қуришга аҳд қилди. Амаравати қурилиши учун 250 миллиард рупий миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бу 3,8 миллиард доллар демакдир. Айни дамда 18,5 миллиард рупий, яъни 291,5 миллион доллар миқдорида маблағ топилди. Қолган маблағлар инвесторлар ҳисобидан бўлиши кутилмоқда. Янги пойтахт қурилиши учун хайрия маблағлари топиш мақсадида расмий сайт очилди.

Бундан бир неча йиллар аввал “Ақлли шаҳар” дейилганда замонавий технологиялар билан жиҳозланган шаҳарлар назарда тутилар эди. Эндиликда аҳолининг ҳам замонавий технологияларни ўзлаштириб олиши ҳам “ақлли шаҳар” тушунчасини англатади.

Шарофиддин Тўлаганов
Кўпроқ янгиликлар