9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминлаш кўрсатилган.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Бадиий академия, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватан озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказиш юклатилди.