CIES Football Observatory агентлиги кучли бешликдаги жамоаларнинг узун паслардан фойдаланиш кўрсаткичлари бўйича тадқиқот ўтказди.

АПЛда етакчилик қилаётган «Лестер» бу борада Англиядаги энг юқори кўрсаткични қайд этган: жамоанинг жами узатмаларининг 6,9 фоизи узун паслардан иборат.

«Лестер» Европа миқёсида бу борада фақат бундеслига вакиллари – «Дармштадт» (10,7 фоиз) ва «Ингольштадт» (7,8 фоиз) жамоаларидан ортда қолган. Бу жамоалар айни вақтда Германия чемпионатининг 9 ва 10-ўринларини банд этиб турибди.

Испанияда бу борадаги етакчилик «Эйбар»га тегишли (6,6 фоиз), Италияда эса «Фрозиноне» жамоаси энг кўп миқдорда узун паслардан фойдаланади (6,3 фоиз), Францияда «Бастия» (6,2 фоиз).

Ўз чемпионатларида узун паслардан энг кам миқдорда фойдаланадиган жамоалар «ПСЖ» ва «Бавария» (1,1 фоиздан), «Барселона» (1,4 фоиз), «Ювентус» (1,6 фоиз) ҳамда «Манчестер Сити» (2,4 фоиз) бўлиб чиққан.