Москва метрополитенида хавфсизлик чоралари кучайтирилади. Москва метроси раҳбари Дмитрий Пегов «Известия» газетасига берган интервьюсида маълум қилишича, 2016 йил охиригача Москва ерости транспортида интеллектуал видеокузатувлар тизими иш бошлайди. Режага мувофиқ, лойиҳа хавфли кишилар ва нарсаларни аниқлаш, шунингдек, йўловчилар оқимини назорат қилишда ёрдам бериши кўзда тутилган.

Махсус камералар метрога кираверишда ҳамда барча платформаларда ўрнатилади. Янги камералар эски камералар каби фақат тасвирни ёзиш билан банд бўлмайди. Улар йўловчининг юзини метрога тушаверишида сканерлаб, уни вагонгача "кузатиб қўяди". Шу билан полиция ва хавфсизлик ходимларининг масъулиятли ишини енгиллаштиради.

Тизим ишининг биринчи босқичида йўловчи шахсини аниқлайди ёки унинг платформада узоқ вақт қолишига эътибор қаратади, унинг хатти-ҳаракатларини кузатади. Иккинчи босқичда, йўловчига оид маълумотлар полиция ахборот манбасидаги маълумотларга қиёсланади.

Ушбу тизим тўлиқ ишга туширилгач, жами 20 мингга яқин камера Москва метрополитени ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлайди.