Nike компанияси Cooper (оч жигарранг) рангидаги Air Jordan 17+ кроссовкалар моделини қайта ишлаб чиқарди. Бу ҳақида «Лента.ру» сайти 18 апрель куни таҳририятга келган пресс-релизга асосланиб, хабар берган.

Дизайнерлар бу моделни яратиш чоғида Aston Martin автомобили ва жаз садоларидан илҳом олишган.

Кроссовкаларнинг товон ва олд қисми тимсоҳ терисидан тикилган бўлиб, боғичлар тешиги ва пошна қисмига купер рангидаги мис буюмидан ишлов берилган.

Спорт оёқ кийими ҳозирда Москва ва Санкт-Петербургдаги Street Beat дўконларида сотувга қўйилган. Нархи — 303 доллар.

Air Jordan дизайни Nike компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, илк бора бу кроссовкани америкалик баскетболчи Майкл Жордан кийган. Air Jordan 1 биринчи марта 1985 йилда қизил-қора бўёқларда – Chicago Bulls жамоасининг рамзий рангида ишлаб чиқарилган. Унга қадар, барча баскетболчиларнинг оёқ кийимлари оқ рангда бўлган.

Жордан шартнома бўйича бу кроссовкани ҳар бир матчда кийиши керак бўлган, бироқ Лига унинг рангини жуда ҳам ёрқин деб ҳисоблаб, спортчига майдонда бу оёқ кийимида ўйнашига рухсат бермаган.

Nike компаниясига 1964 йили АҚШда асос солинган ва аввалига у Blue Ribbon Sports деб номланган. Унинг бош идораси Орегон штатидаги Бивертон ҳудудида жойлашган.