«Арсенал» жамоаси ва Франция термасининг собиқ футболчиси Эмманюэль Пети 1998 йилги жаҳон чемпионатида ўз термаси ҳаққоний тарзда ғолиб бўлганидан шубҳа билдирди. Ўшанда французлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган ва Пети ўйиндаги учинчи голни урганди.

Жаҳон чемпионининг фикрича, бундай турнирлар натижаси кимларнингдир ихтиёрига кўра ҳал бўлади ва футболчилар ундай кимсалар қўлида қўғирчоққа айланишади.

«Кейинги ҳафталар давомида мен ўзимдан тез-тез сўрайдиган бўлдим: «Биз жаҳон чемпионатида ўз кучимиз билан ютганмидик?».

Балки, ўйин келишилган бўлгандир. Мен бу саволга жавоб топа олмаяпман. Лекин шуни айтишим мумкинки, биз ўшанда бор кучимиз билан ғалаба учун ҳаракат қилгандик. Лекин бугунги кунда туриб қарайдиган бўлсам, шу савол юзага чиқаверади. Масалан, ЖЧ-2014 доирасида Бразилия ва Хорватия ўртасидаги ўйинни олайлик, ўшанда нима бўлганди? Кечирасизу, бу жуда шубҳали ўйин эди. Баъзан мен қўрқиб кетаман. Ёки мен параноик (паранойя - руҳий хасталикка йўлиққан одам - таҳририят) бўлиб қолдимми?

Лекин, футболчилар бошқа қўлларда қўғирчоқ бўлишсачи? Агар ўйинлар мамлакат иқтисоди учун қурбон қилинсачи?

Орадан 17 йил ўтди. Мен бугун ўзимдан шуни сўраяпман: «Биз жаҳон чемпионатида ўз кучимиз билан ютганмидик?». Мени бу савол кейинги ҳафталарда жуда азобламоқда», - дея Петининг сўзларини келтиради Mirror нашри.