Тошкентнинг Сергели тумани 3-мавзесида истиқомат қилиб келаётган 1952 йилда туғилган фуқаро Ноила Умрзоқова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам яхши ниятлар билан, ўзига ҳамроҳ бўлишини кўзлаб, 1989 йилда Хоразм вилоятининг Хива туманида туғилган Барнохон Солижоновани ўз уйининг бир хонасида вақтинча яшаб туриш учун ижарага қўйганди. 2015 йилнинг август ойи бошларидан Барнохон Н.Умрзоқованинг уйида яшаб келган.

“Огоҳ” нашрида ёзилишича, 2015 йилнинг август ойи охирига келиб, Хоразмга паспортини алмаштириши ва фарзандига кийим-кечаклар бериб келишини айтиб, у яшаб турган уйидан чиқиб кетади. Барнохон шу кетганича Н.Умрзоқованинг уйига қайтиб келмайди. 

Орадан бир қанча вақт ўтиб, Барнохоннинг онаси қизининг шаръий никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи Машарип Атажоновга қўнғироқ қилиб, қизининг қўлида бир қанча тилла буюмлар борлигини қизи уларни қаердан олганлигини суриштиради. Машарип ҳам буни билмаслигини айтиб, Барнохондан тилла буюмларни қаердан олганлигини суриштиради. Шунда Барнохон бунга қизиқмасликни сўрайди. Янги ижарага олган уйида ҳеч нарса йўқлигини билган Машарип олдинги ижара уйнинг эгаси Н.Умрзоқовага қўнғироқ қилиб, уйида тилла буюмлари бор-йўқлигини суриштириб, улар жойида турибдими, деб сўрайди. Н.Умрзоқова уйидаги баҳоси 1 500 000 ўсмлик икки дона “Лодка” узуклари, баҳоси 600 000 сўмлик бир дона “Таракан” узуги, баҳоси 500 000 сўмлик бир дона аёллар “Феруза кўзли” узуги, умумий баҳоси 100 000 сўмлик икки дона сариқ металдан ишланган занжирлар, баҳоси 1 200 000 сўмлик икки дона “Кулон”лар, баҳоси 600 000 сўмлик “Қора шаҳзода” кўзли бир жуфт зираклар, баҳоси 1 000 000 сўмлик аёллар никоҳ узуги, баҳоси 400 000 сўмлик беш юлдуз шакли туширилган узук ва баҳоси 500 000 сўмлик худди шу шаклдаги бир жуфт зираклар, баҳоси 800 000 сўмлик бинафша рангли бир жуфт зирак ва баҳоси 1 500 000 сўмлик “Самсунг Галакси С4” русумли уяли алоқа воситаси ҳам жойида йўқлигини айтади.

Воқеа юзасидан ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходимлари бохабар этилади. Улар дарҳол Машарипни телефон орқали топишиб, бўлиб ўтган воқеаларни суриштиришади.

Барнохонни ҳам чақиртириб, унинг қўлида бўлган тилла буюмларни Н.Умрзоқова тақдим этган йўқолган тилла буюмлар рўйхати билан солиштиришади. Нима қилишни билмай қолган Барнохон Н.Умрзоқова уйида йўқ пайтида унинг сандиғидаги тилла буюмларни олиб қўйганини тан олади.