Пхеньяннинг Кореянинг тинчлик билан бирлашиши қўмитаси раиси Сеулдан ўзининг 13 фуқаросини қайтаришни талаб қилди. Пхеньяннинг айтишича, бу одамлар 7 апрелда Хитойнинг Чжэчзян вилоятида Жанубий Корея махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган. Чоп этилган баёнотда Пхеньян бу ҳаракатни "Жанубий Кореянинг Шимолга нисбатан даҳшатли сиёсатининг" кўриниши деб атади.

Сеулнинг бу воқеа Шимолий Кореяга нисбатан БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан яқинда киритилган санкцияларнинг таъсири мавжудлигидан гувоҳлик бериши ва "Шимолий Корея жамиятида мамлакатда амал қилувчи ижтимоий тизимга шубҳа туғдиргани" ҳақидаги тасдиқлари Пхеньянда норозилик келтириб чиқарди.

"Жанубий Кореянинг қўғирчоқ режими дарҳол кечирим сўраши, айбдорларни жазолаши, ўғирланганларни қайтариши ва келажакда бундай жиноий ҳаракатлар бошқа қайтарилмаслигига ваъда бериши керак", дейилган баёнотда. Акс ҳолда, "Жанубий Корея ҳукуматини айтиб бўлмас оқибатлар ва шафқатсиз жазо" кутмоқда, деб айтди Шимолий Корея вакили.

"Шимолий Корея куппа-кундуз куни ўғирланган ва сиёсий фитна қурбони бўлган фуқароларининг зўравонлик билан Жанубий Корея каби дўзаҳий жойга олиб кетилишларига тинчгина қараб турмайди", деб огоҳлантирди қўмита вакили.

Жанубий Корея бирлашиш вазирлигининг таъкидлашича, 7 апрелда Шимолий Кореянинг 13 нафар фуқароси Жанубий Кореяга қочиб ўтган. Вазирлик маълумотларига кўра, Жанубий Кореяга Шимолий Корея ташқарисида жойлашган миллий таомлар ресторанида ишловчи 12 киши ва бир эркак қочиб ўтган.