Сурия қонун чиқарувчи органи янги таркиби учун 13 апрелда бўлиб ўтган сайловларда «Миллий бирлик» коалицияси ғалаба қозонган. Мамлакатнинг ҳукмрон «Баас» партияси ҳам ушбу коалиция таркибига киради.

«Баас» ва унга иттифоқдош партиялар парламентнинг 250 ўрнидан 200тасини эгаллаган. AFP агентлиги хабар қилишича, коалициядан кўрсатилган 200 нафар номзоднинг барчаси ўз округларида ғалаба қозонган. Миллий сайлов комиссияси парламентнинг янги таркибидан ўрин олган депутатлар рўйхатини эълон қилган.

Сайлов комиссияси раҳбарининг сўзларига кўра, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 57,5 фоизи, яъни 5 миллиондан ортиқроқ инсон қатнашган.

Сурияда музокаралар йўли билан тинчлик ўрнатиш мулоқотини ўтказаётган БМТ сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирган. Мухолифат вакилларининг фикрича, ушбу кампания "ҳукмрон режим ўз қонунийлигини исботламоқчи бўлган театр", деб хабар қилади Reuters агентлиги.