YouTube видеопорталида "Titanic: Honor and Glory" (Титаник: фахр ва ғалаба) ўйинининг расмий каналида реал вақт режимида машҳур "Титаник" кемасининг чўкишини кўриш мумкин бўлган видео жойлаштирилди. Кеманинг чўкиши симуляцияси бу фалокатнинг 104 йиллигига бағишлаб тайёрланган.

Ролик 3 соатга яқин – айсберг кема йўлида пайдо бўлгандан бошлаб то у тўлиқ сувга ғарқ бўлгунгача давом этади.

"Титаник" кемаси 1912 йил 14 апрелда ўзининг биринчи рейси вақтида чўкиб кетган. Кема тўқнашиб кетган айсберг унинг ўнг томонини 6та жойидан шикастлаган ва бу унинг сувга ғарқ бўлишига олиб келган.

"Titanic: Honor and Glory" компьютер ўйинида ҳаракатлар биринчи шахс номидан юз беради. Ўйиннинг бош қаҳрамони Британияда яшовчи америкалик бўлиб, унга қотиллик ва ўғирлик жиноятлари бўйича сохта айб қўйилади. У "Титаник"да ҳақиқий жиноятчиларни топиши керак бўлади. Кема айсберг билан тўқнашгандан кейин ўйинчида бу вазифани бажариш учун 2 соат 40 дақиқа (кема айнан шунча вақт чўккан) вақт бўлади.