20 апрелдан бошлаб 9-рақамли («Тошкент» вокзалидан «Чилонзор-26» даҳасигача ҳаракатланган) ва 13-рақамли («Тошкент» вокзалидан «Қўйлиқ маркази»гача ҳаракатланган) йўналишдаги трамвайлар фаолияти тўхтатилади. Бу ҳақда UZ24 сайти «Тошшаҳартрансхизмат»га асосланган ҳолда хабар берган.

Трамвай йўналишларини Т9 ва Т13 рақамига эга автобуслар эгаллаши, улар апрель бошиданоқ қатнашга киришгани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 12 апрелдан бошлаб 12 ва 26-трамвай йўналишлари ёпилган ва шаҳарда 4та трамвай йўналиши қолганди.

Эндиликда, Ўзбекистон пойтахтида 2та трамвай йўналиши ҳаракатланишда давом этади: №8 («Бешқайроғоч» массивидан «Оқтепа» майдонигача) ва №17 («Бешқайроғоч» массивидан «Ипподром»гача). Бу йўналишларнинг ёпилиш муддатига аниқлик киритилмаган.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида келгуси икки ой давомида шаҳарда фаолият кўрсатаётган барча олтита трамвай йўналиши ёпилиб, трамвай тармоқларининг бузилишини маълум қилганди.

Шу тариқа, шаҳарда 115 йилдан буён ҳаракатланиб келаётган трамвайлар 2010 йилнинг баҳорида ёпилган троллейбуслар ортидан тарихга айланмоқда. Бунинг сабаби сифатида уларнинг жамоат транспортининг бошқа турларига нисбатан «самарасиз» эканлиги келтирилган.

Шу ойдан бошлаб трамвайлар ҳаракатланган йўналишларда мос равишда Т8, Т9, Т13 каби автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу йўналишларда Isuzu автобусларидан фойдаланилмоқда. Сентябрь ойи охиригача шаҳар ҳокимияти 80та шундай автобуслар сотиб олиб, ҳар бир йўналишга 10тадан 18тагача автоулов қўйишни режалаштирган.