Япония ҳукумати сунъий йўлдошлар воситасида мобиль алоқани таъминловчи янги тизим барпо этишга қарор қилди.

"Мазкур тизим кучли табиий офатлар сабабли қуруқликда ишдан чиққан алоқа станциялари ва линиялари ўрнини босиши лозим. Ушбу тизим аппаратларидан бири аллақачон фазода фаолият юритмоқда. Яна иккитаси 2017 йилда учирилади. 2023 йилда яна 3та шундай қурилма ер яқинида парвоз қила бошлайди", деб ёзилган Nikkei Asian Review портали хабарида.

"Митибики" ("Ўтказувчи") номини олган янги тизим 2011 йил мартидаги воқеалар такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилади. Ўшанда мамлакатнинг бош ороли Хонсю шимоли-шарқида юз берган даҳшатли зилзила ва цунамидан сўнг 29 минг мобиль алоқа станцияси ва 1,9 млн ерусти телефон линиялари ишдан чиққан эди. Бу эса қутқарув ишларини ташкил этиш ва талофат кўламини баҳолашда қийинчиликларни вужудга келтирди.

Янги сунъий йўлдошлар алоқа станцияси вазифасини бажариб, бутунлай вайрон бўлган ҳудудларда ҳам мобил алоқадан фойдаланиш имконини бериши кўзда тутилган. Унинг воситасида узоқ жойлардаги кишиларга маълумот етказиш ҳам мумкин бўлади. Янги тизим 2018 йилда синов фаолиятини бошлайди.