Россияда давом этаётган иқтисодий инқироз сабабли мамлакат фуқаролари даромадларининг 50 фоиздан кўпроғини истеъмол маҳсулотларига сарфлашга мажбур бўлишмоқда.

«Шу каби ҳолат 2008-2009 йилларда ҳам қайд этилган эди», деб ёзмоқда «Коммерсантъ» нашри, Россия президенти ҳузуридаги халқ хўжалиги ва давлат хизмати Россия академияси (РАНХиГС) қошидаги ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институтига таянган ҳолда.

2016 йил февраль ойи якунларига кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан бирга қўшиб ҳисобланганда, озиқ-овқат улуши, чакана савдонинг 50,1 фоизини ташкил этган. 2009 йил майида ушбу кўрсаткич жами савдо айланмасининг 48,6 фоизини, 2014 йилда эса, 47 фоизини ташкил этган эди.

РАНХиГС институти маълумотларига кўра, 2016 йил февралида Россия фуқароларининг реал даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,9 фоизга пасайган. Реал ойлик маош 2,6 фоизга пасайган, қашшоқлик даражаси эса 13,4 фоизга кўтарилган.

Тадқиқот натижаларига биноан, мамлакат аҳолисининг ярми турмуш даражасининг пасайишини эътироф этмоқда. Шу боисдан, нафақат кам таъминланган оилалар, балки ўрта синф вакиллари ҳам тежамкорлик йўлига ўтишган. Россияликларнинг ушбу икки гуруҳининг 89 ва 79,3 фоизи тегишли равишда маҳсулот ва хизматлар учун пулларини тежай бошлаган.

Хабар қилинишича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи биринчи чоракда 6,9 фоизга қимматлашган, бир йил аввал бу кўрсаткич 22,4 фоизни ташкил этган эди.