Американинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэр кетаётган машина Камерунда ёш болани босиб кетган. Бу ҳақда The Washington Post газетасида хабар қилинган.

Ҳодиса Камеруннинг Маруа шаҳарчасига яқин жойда содир бўлган. Пауэр «Боко Ҳарам» жангарилари ҳужумидан сақланиш учун ташкил этилган қочоқлар лагерини кўриш мақсадида ташриф буюраётган бўлган.

Қайд этилишича, маҳаллий аҳоли вакиллари Пауэр автокарвонини томоша қилиш учун йўл ёқасига сафланишган, кутилмаганда улар орасидан 7 яшар бола кўчага отилиб чиқиб, зирҳли жип ғилдираклари остида қолиб кетган. Пауэрнинг машинаси карвондаги олтинчиси бўлгани хабар қилинмоқда.

Associated Press агентлигининг маълум қилишича, автомобиль ҳайдовчиси ҳодисадан сўнг ҳаракатдан тўхтаган, аммо АҚШ махсус хизматлари, хавфсизлик нуқтаи-назаридан воқеа жойини тарк этишни талаб қилишган.

Бола шифохонага ётқизилган, камерунлик шифокорларга кортеж шифокорлари ҳам кўмаклашишган. Шунга қарамай, бола олинган жароҳатлардан ҳалок бўлган.

Шундан сўнг, Саманта Пауэр боланинг оиласи яшайдиган уйга ташриф буюрган ва ҳамдардлик изҳор қилган.