Sharp смартфонлардан кўра кўпроқ LCD экран ишлаб чиқарувчиси сифатида машҳур. Бироқ Япония фирмаси 2015 йили тез орада гапирадиган ва юрадиган смартфонини тақдим этишини маълум қилиб, дунёни лол қолдирган эди.

Энди эса компания ушбу ғаройиб смартфони чакана савдога тайёр экани ва 26 майдан 1800 доллар нархда сотила бошлашини эълон қилди.

RoBoHoN деб номланган мослама дунёнинг илк роботлаштирилган мобил телефони мақомини олади. Одамсифат роботча икки оёқлаб юра олади ва ихчамгина (бўйи ўртача 19,5 сантиметр) бўлгани учун исталган жойга олиб юриш ҳам қулай.

Девайс мобил телефоннинг асосий функцияларини бажара олади. Шунингдек, қурилма сурат ёки видеотасвирларни экран ёки деворда томоша қилиш имкони берувчи проектор сифатида ҳам хизмат қила олади.

Робот-смартфоннинг ноёб “хислат”ларидан яна бири у эгасининг феъл-атворини ўрганади ва фойдаланувчининг одатларига мослашади.

Масалан, телефон сиз ухлаб ётган хонага юриб келиб, сизни уйғота олади ва ортингиздан юриб, кийинаётган чоғингизда режалаштирилган ишларингиз ҳақида эслатади. У ҳатто изингиздан ошхонагача бориб, соғлом овқатланиш қоидалари асосида нонушта ҳақида таклифлар бериши мумкин.

Ишхонангизда эса сизнинг истагингизга кўра, халал бермаслик учун жойидан қимирламай ўтириши ёки аксинча, ёрдамчи-котибингизга айланиб топшириқларингизни бажара олади.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар RoBoHoN функцияларини такомиллаштириш учун янги иловалар юклаб олиш имконига эга. Робот-телефон ўз эгаси билан мулоқати табиий бўлиши ва унинг ҳолатини яхшироқ ўрганиш учун бўйини ҳам ўстира олади.

Ушбу телефон Токио илмий тадқиқот маркази профессори Томотака Такахаши билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Мослама LTE ва 3G тармоқларида ишлай олади.

Компания аллақачон мослама савдоси учун буюртмалар қабул қила бошлаган. Биринчи ойда 5 минг дона ускуна ишлаб чиқарилади.