Эквадор президенти Рафаэль Корреа мамлакатда юз берган зилзила оқибатида кўрилган талофат 2-3 млрд долларни ташкил қилганини айтган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Корреа бу ҳақда фожиа ҳудудига ташриф буюргандан кейин айтган. У зилзиладан кўрилган талофат мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотининг 2-3 фоизи атрофида бўлиши мумкин, деб қўшимча қилган.

"Келинг ўзимизни алдамайлик, бу барча кучни талаб қиладиган узоқ давом этадиган иш бўлади. Вайронагарчиликларни кўп йиллар давомида тиклашга, миллиард доллар инвестициялар қилишга тўғри келади", деб айтди Корреа.

Мамлакат ҳукуматида фожиа оқибатларини бартараф этиш учун турли кредиторлардан зудлик билан 600 млн доллар жалб қилингани маълум қилинди.