Каталониянинг «Барселона» ва Мадриднинг «Реал» клублари собиқ яримҳимоячиси Луиш Фигу яна бир бор ўз вақтида нима сабабдан Каталония жамоасини тарк этгани ва «қаймоқранглилар» сафига қўшилгани борасидаги саволга жавоб қайтарди.

«Мен «Барселона»ни оилавий ва иқтисодий сабабларга кўра тарк этишга қарор қилганман. Шунингдек, бу ерда мени эътироф этишмагани ҳам бунга сабаб бўлган», — дея Фигунинг сўзларидан иқтибос келтиради El Mundo Deportivo.

Фигу «Реал» шарафини 2000-2005 йилларда ҳимоя қилган. «Барселона» сафида эса 1995 йилдан 2000 йилга қадар ҳаракат қилган ва сўнгги йилларда жамоани сардор сифатида майдонга олиб чиққанди.