1906 йилнинг 19 апрель санасида француз физиги Пьер Кюри фожеали тарзда ҳалок бўлганди.

Олим ёмғирли кунларнинг бирида Парижнинг гавжум Дофин кўчасидан ўтаётиб, йиқилиб кетади ва мия чаноғидан катта жароҳат олади. Оқибатда унинг яшашига умид қолмайди: унинг боши ўтаётган экипажнинг ғилдираклари остида қолган эди. Физик олим бир зум ўтмай жон беради.

Пьер Кюри – физика соҳаси бўйича Нобель мукофоти лауреати. У ёшлигидан фан билан шуғулланган: 16 ёшида Париж университетининг бакалавр даражасига эга бўлади. 18 ёшида эса физика фанлари магистрига айланади. Университет талабаси бўлган пайтида биллурлар табиатини ўрганади.

Олим биллур симметриясини аниқлашга ёрдам берувчи тамойилни яратди ва бу ихтирога ўз номи билан “Кюри тамойили” деб номлайди.

Бундан ташқари, физик тананинг турли ҳароратларда магнит хусусиятларини ўрганиб чиқиб, магнитланиш ва ҳарорат ўртасидаги боғлиқликни топади. Кейинроқ бу қонун “Кюри қонуни” деган номни олади.

1897 йилда турмуш ўртоғи Мария Склодовска-Кюри билан биргаликда радиоактивликни ўрганишган ва натижада улар янги радиоактив элементлар – полоний ва радийни яратишган. Радиация ҳусусияти ва унинг биологик таъсирини тадқиқ қилишган.

Кюри 1903 йилда радиоактивлик тадқиқоти ва радийни яратганлиги учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.