«Челси» жамоаси яримҳимоячиси Франсеск Фабрегас жорий мавсум давомида Жозе Моуриньонинг жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилганига ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Бу борада ўтган вақт давомида кўп гаплар айтилди. Мен Жозени яхши кўраман уни дўстим деб ҳисоблайман, ҳозиргача алоқаларни давом эттирмоқдамиз.

Бу борада турли ёқимсиз гаплар эшитганман, лекин бу бизнинг дўстона алоқаларимизга таъсир кўрсатмайди.

Жозенинг энг катта муаммоси шунда бўлдики, у бизга ҳаддан зиёд ишониб юборган эди. Чемпион бўлганимиздан сўнг таътил муддатимизни узайтирди. У бизга ишонган эди, биз эса унга панд бердик. Бутун жамоа панд берди.

Унинг жамоадан кетишида биз энг асосий айбдорлармиз. Буни ўйлаганимда ўзимни жуда ёмон сезаман», - дейди Фабрегас.