Changan Automobile компаниясининг иккита ўзиюрар автомашинаси 2 минг километр масофани муваффақиятли равишда ортда қолдирган.

"Шундай қилиб, Хитой компанияси 2020 йилга бориб, муқобил машиналар ишлаб чиқариш режаси жиддийлигини намойиш этди", деб хабар қилмоқда «Синьхуа» агентлиги.

Changan бош қароргоҳи жойлашган Чунцин шаҳридан сафарга отланган ҳайдовчисиз машиналар Пекинда манзилга етиб келган. Сафар давомида камералар, радарлар ва машинани бошқарувчи сунъий ақл фаолияти синовдан ўтказилган. Бундан ташқари, мутахассислар овоз ёрдамида бошқариш тизимини ҳам текширишга муваффақ бўлишган.

Автомобиллар магистралларда соатига 120 км тезликда мустақил равишда ҳаракатланган. Бу вақт мобайнида ҳаракат сафига риоя этган ва йўлакларни ўзгартирган, қувиб ўтишларни амалга оширган, шунингдек, шаҳар тирбандликларида ҳаракатланган. Шу билан бирга, йўл белгилари талабларидан келиб чиқиб, мустақил қарорлар қабул қилган.

Алоҳида таъкидланишича, 6 кунлик саёҳат давомида бирон ҳодиса юз бермаган. Шунга қарамай, синовчилар машиналарнинг заиф томонларини аниқлашган. Хусусан, автомобиллар мустақил равишда ёнилғи қуйиб ололмайди, тоннелларда атрофни етарлича аниқлай олмайди. Бунда албатта ерости йўлакларининг нисбатан паст ёритилгани ва GPS-сигналларининг заифлиги ҳам рол ўйнайди.

Changan 2018 йилга бориб, тижорий мақсадларда ҳайдовчисиз юрадиган транспорт воситалари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. 2025 йилдан эса Хитой шаҳарлари кўчаларида шундай енгил машиналар оммавий равишда пайдо бўла бошлайди.

Хитойнинг ўзи бошқарилувчи машиналари Чунциндан Пекинга йўл олди