Афғонистон пойтахти Кобул марказида, АҚШ элчихонаси жойлашган ҳудудда рўй берган автомобилган ўрнатилган портловчи қурилма орқали амалга оширилган теракт оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар тарқатган.

Маълумотларга кўра, 100дан ортиқ киши портлаш оқибатида яраланган.

Портлаш Афғонистон пойтахтида 19 апрель куни юз берди. Шаҳар марказидаги АҚШ элчихонаси яқинида сирена товушлари эшитилган, осмонда қуюқ тутун пайдо бўлган. Элчихона ёнида НАТОнинг Афғонистондаги миссияси бош қароргоҳи жойлашган. Хабарларга кўра, портлаш ушбу биноларга таъсир қилмаган.

Портлаш содир бўлганидан кейин ҳудудда отишма овози эшитилган.

Портлаш Пул-э-Махмуд Хан туманида содир этилган. Бу ҳудудда Афғонистон миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси биноси, шунингдек, мамлакат молия ва мудофаа вазирликлари бинолари жойлашган.

Турли манбаларда жабрланганлар миқдори турлича келтирилмоқда. Синьхуа агентлиги маълумотига кўра, 40 киши жабрлангани айтилган, маҳаллий TOLO News телеканали эса 161 нафар ярадор ҳақида маълум қилган.

Воқеа юз берган ҳудуд полиция томонидан ўраб олинган.

Ҳужум учун жавобгарликни «Толибон» ўз зиммасига олган.