АҚШ президентлигига республикачилардан номзод Дональд Трампнинг НАТОни танқид қилиши Европада хавотирларга сабаб бўлмоқда.

"АҚШнинг альянс доирасида Европа билан ҳамкорлик қилиши хомхаёлдир", деб ёзади Business Insider нашри.

Мақолада қайд этилишича, Европа сўнгги вақтларда хавфсизлик масаласида жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бироқ, ЕИ мамлакатлари, НАТОдан бошқа ҳарбий кучга эга эмас. Шу туфайли, АҚШ НАТО имкониятларига ишонмай, эндиликда уни хавфсизлик гарови бўла олмайди, деб ҳисоблаётганидан ЕИ хавотирланмоқда.

Аслида ҳам шундай, деб фикр юритади мақола муаллифи.

"Европаликлар ҳарбий қудратдан фойдаланиш масаласида ҳал қилувчи овозга эга бўлишдан умид қилишганди. Бироқ, Европа давлатлари кучлари айтарли катта бўлмагани сабаб, кўп ҳолларда уларнинг қуролли можаролардаги иштироки шунчаки рамзий маънони касб этиб келди. АҚШ эса альянсдаги иттифоқдошлари сўзларини тобора камроқ тингламоқда", дея давом этади таҳлилчи.

Иттифоқда қуролли кучдан имкон қадар фойдаланмасликни кўзда тутувчи "юмшоқ куч" концепцияси пайдо бўлган эди. Аммо, бу давр талабини инкор этишдан бошқа нарса эмаслигини европаликлар анча кеч англашди.

Бундан ташқари, Собиқ Иттифоқ парчаланганидан сўнг, альянсни ташкил этишдаги асосий мақсаддан четга чиқилди, у евроинтеграция воситаларидан бири бўлиб қолди.

"Қоидага мувофиқ, НАТО аъзолари ўз ЯИМнинг камида 2 фоизини мудофаа мақсадларига сарфлаши лозим. Аммо Европанинг айрим давлатлари шундай имкониятга эга холос. Ташкилотнинг бошқа аъзолари шунчаки бу қоидани билмаганга олишади. Умуман олганда, Европа ушбу кўрсаткичга яқинлаша ҳам олмайди. Шундай экан, АҚШ харажатлар ўртасидаги тафовутнинг катталигини яхши англаган ҳолда, Европага овоз ҳуқуқини тақдим этмаслиги тушунарлидир", деб хулоса қилади мақола муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп НАТОни эскирган ва иқтисодий жиҳатдан бефойда ташкилот сифатида баҳолаган эди.