Ҳикмат Ҳамидуллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам судланган бўлишига қарамасдан, ҳеч тап тортмай, аввалги содир этган жиноятига ўхшаш фирибгарлик “ҳунар”ини давом эттираверади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

2015 йилнинг октябрь ойларида Асад турмуш ўртоғи Анжела билан Амир Темур кўчасида жойлашган “Пойтахт”савдо мажмуасига келишади. Анжела кийим-кечаклар хариди билан машғул бўлиб турган бир пайтда Асад чеккароқда уни кутиб туради. Шунда унинг эски таниши бўлмиш Ҳикматга кўзи тушиб қолди. Асад Ҳикмат билан қарийб 10 йилдан бери таниш эди. Аммо охирги вақтда улар анча узоқлашиб қолишганди. Асад қувониб уни гапга тута бошлади.

Эртасига улар Юнусобод тумани 10–мавзеда жойлашган “Сетора” тўйхонаси олдида кўришишди. Ҳикмат учта пластик карточкага 2000 АҚШ долларидан жами 6000 АҚШ доллари пулни тушириб беришни ваъда қилиб, Асаддан 14000000 сўм миқдордаги пулни олади.
— Яна 2000000 сўм беришингиз керак. Икки-уч кун ичида ишингиз ҳал бўлади, менга ишонаверинг, — деди Ҳикмат унга.  

Аммо ваъда қилинган муддат келса-да, Асаднинг иши ҳал бўлмади. Ҳикмат қўнғироқларга жавоб бермай қўйди.

Пулларини кута–кута тоқати тоқ бўлган Асад ички ишлар идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мана энди Ҳ.Ҳамидуллаев қилмиши учун яна суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур.