Ravon биринчи чоракда Gentra седани савдосини 7 фоизга оширди

Иқтисодиёт 19 Апрель 2016 1020

GM Uzbekistan автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниясининг Ravon бренди, ўтган йилги рекордини янгилаб, 2016 йил биринчи чорагида Gentra седани савдосини 7 фоизга кўтаришга эришган. Айни модель савдо белгисининг энг яхши сотилаётган машинаси бўлиб турибди.

Январь-март ойларида Россия Федерациясининг турли минтақаларида 3,3 мингдан ортиқ Gentra сотилган. Бу UzDaewooAuto вориси учун яхши натижадир.

Расмий маълумотларга кўра, савдоларда ўсишни қайд этиш билан Ravon Gentra 2016 йил биринчи чорагида Россияда энг кўп сотилган автомобиллар 25талигига киришга муваффақ бўлган. Атиги 439 минг рубль (6550 АҚШ доллари) эвазига, 107 от кучига эга 1,5-литрли двигатель ўрнатилган, ҳамда харидор хоҳишига кўра механик ёки автоматик узатмалар қутисига эга машинани харид қилиш мумкин.

Аммо Gentra муваффақиятидан ташқари, Ravon автомобилининг бошқа моделлари Россияда унчалик ҳам оммабоп эмас. Статистик маълумотларга кўра, йил бошидан бери бренд савдолари 16 фоизга тушиб кетган. Биринчи чоракда жами 4,5 минг дона автомобиль сотилган. Ой бошларида компания Chevrolet Spark негизида ишлаб чиқилган R2 (автоматик узатмалар қутиси билан) машиналарининг илк партиясини сотиб бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.

Кўпроқ янгиликлар