Тошкентдаги Инҳа университетида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея илмий-амалий форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Тадбирда икки мамлакатнинг алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, дастурий таъминот ва электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби қатор соҳаларга ихтисослашган компания ва концернлари, илмий тадқиқот марказлари вакиллари, ишбилармонлар, олимлар, етакчи экспертлар ҳамда нуфузли таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Форумда меҳмонларга Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Жанубий кореялик мутахассислар Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва жамият ҳаётига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, IT-саноати стратегиясини янада такомиллаштириш, технологиялар ва инфратузилмаларни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади.

Форумда дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспорт қилиш, бу борада Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилаётгани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари бизнес вакиллари билан олий ўқув юртлари ўртасида юқори малакали IT-мутахассисларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик, АКТни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, мазкур тармоқнинг иқтисодиётни ривожлантиришда тутган ўрни, венчур фондларини ташкил этиш имкониятлари каби масалалар юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари,  тармоқда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Форум доирасида Тошкентдаги Инҳа университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси бизнес вакиллари ўртасида мазкур университетда Маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.