Хитойнинг Гуанджоудаги тиббиёт марказларидан бирида ноёб жарроҳлик операцияси ўтказилди: шифокорлар тўрт оёқ ва тўрт қўл билан туғилган "ўргимчак" боланинг ортиқча оёқ-қўлларини кесиб ташлашди. Бу ҳақда ОАВ хабар бермоқда.

Шифокорлар болада бундай ноодатий нуқсоннинг вужудга келишига ҳомиладорлик вақтида эгиз ҳомила ривожланмай қолгани сабаб бўлганини айтишди. Марказнинг бош жарроҳи Ю Жиакангнинг айтишича, боланинг ота-онаси эгизак фарзандлар кутган, бироқ фақатгина бир бола туғилган. Туғилмаган боланинг оёқ-қўллари том маънода соғлом эгизига туташиб кетган.

Боланинг отасининг айтишича, рафиқасининг ҳомиладорлик вақтида ҳеч қандай ғайриодатий ҳолат кузатилмаган. Эркак ҳомиладор рафиқасига кам вақт ажратганини айтиб, бу кўргуликда ўзини айбламоқда.

Шифокорлар муваффақиятли операциядан кейин боланинг аҳволини барқарор деб баҳолашди. Бироқ болада айни вақтда юраги билан муаммолар вужудга келган. Шунинг учун у келгусида яна бир нечта операцияни бошидан ўтказиши эҳтимоли бор, дея таъкидланмоқда.