Ямала-Ненец автоном ҳудудидаги Белый оролида "Робинсон" вертолётининг хавфли қўниши оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида Meduza нашри Урал тергов бошқармасининг маълумотига таяниб хабар берди.

Вертолёт ҳалокати юзасидан ҳаракат хавфсизилиги қоидаларининг бузилиши, икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига олиб келувчи ҳаво транспортининг эксплуатация қилинишига доир жиноий иш қўзғатилди.

"Вертолёт етиб бориш қийин бўлган жойда ҳалокатга учраган", деб хабар беради вилоят транспорт тергов бошқармаси матбуот хизмати.

Шунингдек, воқеа содир бўлган жойга тергов гуруҳи жўнатилиши масаласи ҳал қилинаётганини билдирди.

Ҳалокатга учраган вертолёт бортида "Икки капитан изидан" экспедицияси аъзолари бўлган. Экспедиция аъзолари 1914 йилда йўқолган капитан Георгий Брусиловнинг изини топишга ҳаракат қилишмоқда.