Узлуксиз ер силкинишлари кузатилаётган Кумамото префектураси ва Кюсю оролининг ғарбида 14 апрелдан бери 590дан ортиқ сезиларли зилзилалар кузатилди. Бу ҳақида мамлакатнинг сейсмологик хизмат вазифасини бажарувчи метереологик маркази хабар берган.

17 апрель куни кечки пайтнинг ўзидаёқ Кумамото префектурасида 5,8 ва ундан ортиқ магнитудали янги кучли зилзилалар рўй берган.

Кўчки хавфи туфайли ҳукумат вакиллари бир неча аҳоли пунктларига уйларини тарк этишни маслаҳат беришди. Маҳаллий аҳолидан талофат кўрган биноларга кирмаслик сўралмоқда, чунки янги зилзилалар натижасида уларнинг вайрон бўлиш хавфи бор.

Япониядаги Кюсю оролининг жануби-ғарбий қисмидаги Кумамото префектурасида содир бўлган кетма-кет ер силкинишлари натижасида 44 нафар киши ҳалок бўлди. 92 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга ва эвакуацион пунктларда жойлашишга мажбур бўлди.

У ерларда истеъмол сувининг етишмовчилиги, озиқ-овқат етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар қайд этилмоқда.

Қутқарув ишларини амалга ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун Япония Қуролли кучларининг 20 мингга яқин ҳарбийси жўнатилган.