Япониянинг Кэйо университети мутахассислари ва Cyberdyne компанияси орқа миянинг шикастланишини iPS-ҳужайралари ва роботлаштирилган экзоскелетлар ёрдамида даволаш усулини ишлаб чиқишга киришишди. Бу ҳақида ТАСС "Никкэй" газетасига асосланиб хабар берди.

Биринчи босқичда тадқиқотчилар ярим йилдан ортиқ вақт давомида орқа мия жароҳати билан яшаб келаётган 20-30 нафар беморни танлаб олишади. Бир неча ой мобайнида ҳафтада 3-5 марта машқларга қатнашади ва у ерда махсус роботлаштирилган HAL костюми ёрдамида жисмоний машқлар бажаришади. Ҳар бир машқнинг давомийлиги бир соатдан кам бўлмаган вақтни ўз ичига олади. Костюмнинг вазифаси шундан иборатки, унга бириктирилган кўп сонли датчиклар миядан оёқларга узатиладиган сигналларни қабул қилади ва шу аснода механизмнинг алоҳида тугунлари ҳаракатга келади, бу инсонга қимирлашда ёрдам беради.

Муҳандис ва шифокорлар мазкур терапиянинг муваффақиятига доир хулосага келишгунича, профессор Хидюэки Окано iPS-намуналардан асаб ҳужайралари ишлаб чиқиш бўйича тажрибаларини бошлайди. Сал кейинроқ янги асаб тўқималари ўсишини рағбатлантириш мақсадида уларни беморларга кўчириш режалаштирилмоқда.

Агар иккала тажриба ҳам омадли кечса, бироз вақт ўтиб, тадқиқотларнинг иккинчи босқич иштирокчилари - анча йилларидан бери орқа мия шикастланишидан жабр кўриб яшаётган ҳамда экзоскелетлар ёрдамида даво топа олмаган кишилар бўлади. Бундай беморлар билан ишлаш жараёнида тадқиқотчилар икки усулни ҳам қўллашади - роботлаштирилган костюмларда машқлар бажариш ва асаб ҳужайраларини кўчириб ўтказиш.

Бугунги кунга келиб Японияда камида 100 минг киши фалаждан ёки орқа мия жароҳатидан азоб чекмоқда.