“Юлдузча” болалар мусиқий телевизион танловига ҳужжатлар қабул қилиниши бошланди.

Ушбу танлов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ёшлар ташаббуслари маркази ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”нинг №41-банди ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Танловнинг асосий мақсади - Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган иқтидорли болаларни кашф этиш, санъат соҳасида ўз имкониятларини намоён этишлари учун уларга шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилган.

Танлов уч йўналишда амалга оширилади:
- анъанавий ижро;
- академик ижро;
- эстрада.

Танловда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар иштирок этади. Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган болалар ўз ҳужжатларини (иштирокчи анкетаси) жорий йилнинг 20 майига қадар “Ёшлар ижод саройида” жойлашган Ёшлар ташаббуслари марказига топширишлари ёки www.ovoz.uz сайтида электрон тарзда тўлдиришлари шарт.

Танлов бир неча босқичлардан иборат бўлади:
- саралаш босқичи;
- ярим финал;
- финал.

Танлов жараёни Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Наво” ҳамда “Болажон” телеканалларида эфирга ўзатилиши режалаштирилган. Танловнинг ҳакамлар ҳайъати ҳамда мураббийлари жамоатчилик орасида катта обрўга эга бўлган санъат ва маданият арбоблари, эстраданинг ёрқин юлдузларидан ташкил этилади.

Танлов якунларига кўра, ҳар бир номинацияда ғолиблар аниқланади ва тақдирланади.

“Юлдузча” болалар телевизион танлови бу – биринчи навбатда, кичик “Юлдузча”ларга катта саҳнага қадам қўйишлари учун ижодий майдондир.

Танлов кенг жамоатчилик учун очиқ бўлиб, саралаш жараёнларининг бориши, йўналишлар бўйича иштирокчиларнинг ижодий чиқишлари томошабин ва тингловчилар томонидан кузатилиб борилиши мумкин.