13 яшар хитойлик келинчаклар: Нега хитойлик қизлар турмушга чиқишга шошади?

Жамият 20 Апрель 2016 3273

Хитойда расман турмуш қуришга қизлар учун 20 ёш, йигитларга эса 22 ёшдан рухсат берилади. Бироқ кўпчилик бу қоидага амал қилмасдан оила қуришга жудаям шошади.

Натижада, маълумоти бўлмаган ёш ота-оналар иш излаб узоқларга кетганда, уларнинг норасида болалари буви-бувалар қўлида қолиб кетади.

Айниқса, Хитойда “битта оила – битта бола” сиёсати бекор қилингач, ўсмирлар ўртасидаги никоҳ авж олиб кетди.

Фотограф Му Цзи Сяо Хитойнинг жанубий қишлоқ ҳудудларида худди шундай оилаларнинг турмуш тарзини суратларга муҳрлади.

“Битта оила – битта бола” сиёсати даврида Хитойда аёлларга нисбатан эркаклар сони ортиб кетди. Энди ёш йигитлар тезроқ уйланишга ҳаракат қила бошлади, чунки вақт ўтган сари муносиб қаллиқ топиш қийин бўлиб боради. Кўп ҳолларда ёш оилалар ўз ота-оналарига моддий қарам бўлиб, уларнинг ҳисобига кун кечиради. Ёш хотинларнинг ҳаёти эса асосан уй-хўжалик ишлар ва болалар тарбияси билан боғлиқ бўлади.

16 ёшли Цай ва 17 ёшли Мин уч ойгина учрашиб, 2013 йили турмуш қуришган. Энди улар Миннинг ота-онаси билан уларнинг ҳисобига яшашади.

Сяо Цай бир йилдан буён оилали, унинг икки ойлик фарзанди бор. Бешинчи синфдаёқ мактабга бормай қўйган (Юньнань провинцияси).

13 ёшли Сяо Цзе танишганига уч кун бўлган 18 ёшли йигитга турмушга чиққан. Йигитнинг ота-онаси уларни боқиш учун уйидан минглаб километр узоқларда қора ишчи бўлиб ишлайди (Юньнань провинцияси).

Цзенинг сўзларига кўра, у бунчалик эрта ҳомиладор бўлишни истамаган, бироқ у сақланиш йўлларидан бехабар бўлган.

7 ёшли Сяо Юань Янси қишлоғида яшайди. Онаси уни 17 ёшида туққан. Хитойда болалар 6 ёшида мактабга борса-да, у ҳалиям мактабга бормаган.

4 ёшли Сяо Лэ 20 ёшли ота-онаси билан видеоқўнғироқ пайтида. Ота-онаси бола икки ёшлигида Чжэцзян провинциясида қора ишчи бўлиб ишлаш учун кетган.

Қизлар ота-онаси ҳисоб-китоб билан турмушга беришларидан чўчиб эртароқ эрга тегишга шошади.

Физика фани дафтари орасига қистирилган мактуб: “Салом, йигитинг борми? Мен билан учрашасанми? Сен менга ёқасан, илтимос таклифимни қабул қил. Жавоб бер”.

Қизларда мактабга бормай қўйиш – тўғри деган хато тасаввур шаклланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида оилавий муносабатлардан тортиб, турмуш қуриш ёшигача қатъий белгилаб қўйилган. Кодекснинг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар