Хабарингиз бор, 7 апрелда актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов вафот этганди. Бир оз вақт ўтиб, “Даракчи” газетаси актёрнинг болалик хотиралари, кино ва театр санъатидаги фаолияти ва қўшган салмоқли ҳиссаси ҳақида мақола чоп этилди.   

 “Ҳамлетни ижро этиш армонга айланди” сарлавҳаси остидаги мақолада актёр билан бўлиб ўтган эски суҳбатдан парчалар келтириб ўтилган.  Ушбу суҳбатда актёр ўз болалик хотираларини ёдга оларкан, 4 синфгача аъло баҳоларга ўқигани, сўнг ўқишдаги ўзлаштириши бир оз пасайганини сўзлаб берган.

—   Бунинг боиси, 1964 йил октябрь ойидан ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қатнардим. Унинг оҳанрабоси мени бутунлай ўзига ром қилиб қўйганди. Бу театрнинг етакчи актёри — отам Неъмат Қосимов сабаб санъатга кириб қолганман. Шу йили Алишер Навоий спектаклида Мўмин Мирзо ролини ўйнаганман, Олим Хўжаев эса Навоий образида эди, — дея эслайди Бахтиёр Қосимов.

8 синфни тугаллаб сўнг 82 мактабда 9-10 синфларни ўқиган. Бу муддат орасида киностудияда Назира Алиевадан актёрлик маҳорати бўйича ҳам дарс ола бошлаган. Ижод “уммони”да сузиб кўрган Бахтиёр Қосимов 1965 йилдан дубляжга қатнай бошлаган. 1966 йилдан кинога ҳам қадам қўйиб, шу йили ижодий гуруҳ билан суратга олиш учун уч ойга Бишкек (аввалги Фрунзе)га жўнаган. Мактабни битириб, 1970 йил хужжатларини ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига топширган. Институтга қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров билан курсдош бўлган.

Институтни тамомлаган актёр ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. Уч ойдан сўнг эса ҳарбий хизматни ўтаб келиб, ишини яна давом эттирган. Театрда 25 йил ишлаб, 1994 йилда баъзи сабабларга кўра ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган.

Бахтиёр Қосимовнинг театр билан боғлиқ армони — ўзи орзу қилган Ҳамлетни ижро этолмаган.

Эслатиб ўтамиз: Бахтиёр Қосимов 7 апрель куни тунги 1:30 да ўпка саратонидан вафот этди.