Эквадордаги ҳалокатли зилзила қурбонлари сони 525 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Эквадор бош прокуратураси маълум қилган.

Айни вақтгача вайроналар остидан 518 кишининг жасади чиқариб олинган ва қариндошларига етказилган. Қурбон бўлганлар орасида 11 нафар хорижлик бор: Куба, Колумбия, Доминикан Республикаси, Ирландия, Канада ва Буюк Британия. Шунингдек, 4 мингдан ортиқ киши зилзила туфайли жароҳатланган.

Мамлакат президенти Рафаэль Корреа қутқарувчи гуруҳлар ўтган 3 кун давомида 54 кишини вайроналар остидан чиқариб олгани ҳақида маълум қилди.

Мамлакат иқтисоди бу зилзила туфайли 3 млрд доллар атрофида зарар кўрган.

10та мамлакатдан қутқарувчи гуруҳлар Эквадордаги қутқарув амалиётларида қатнашиш учун инсонпарварлик ёрдамлари билан юборилган.

Ҳукумат прогнозларига кўра, бу мамлакат бу зилзила асоратларидан қутилиб, тикланиши учун бир неча йил талаб этилади.

Эквадорда 17 апрель кунига ўтар кечаси 7,8 магнитудали зилзила юз берди.

Аввалроқ мазкур ер силкиниши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 413 кишига етганлиги ҳақида маълум қилинган эди.

Бундан ташқари, Эквадор Хавфсизлик вазирлигининг маълум қилишича, 230 дан ортиқ одам бедарак йўқолганлиги қайд этилган. Ҳозирги пайтда вайроналарда қидирув ишлари давом эттирилмоқда.