Ҳафтада бир марта Facebook раҳбари Марк Цукерберг компания ходимларининг саволларига жавоб беради. Ҳар бир шундай учрашувдан олдин ички сўров ўтказилади - ходимларга муҳокама учун мавзу танлаш ва жавоб олмоқчи бўлган саволларга овоз бериш таклиф этилади. Бу ҳақида Meduza Gizmodo нашрига таяниб маълум қилди.

4 март куни мана шундай сўровда бир савол юзага келди: "Facebook Трампнинг президент бўлишига халақит бериши керакми?"

Нашр муҳаррири Майкл Нуньес Facebook Трампнинг кампаниясига имкон бермаслик учун ўз ресурсларини қўллаши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида мулоҳаза юритади.

Gizmodo Марк Цукербергнинг бу саволга муносабатига ойдинлик кирита олмади, аммо ишлаб чиқувчилар учун ўтказилган анжуман давомида у кутилмаганда Дональд Трамп тўғрисида сўз очди. Сиёсатчининг номини тилга олмай, Цукерберг Трампнинг кўпгина таклифларига салбий муносабат билдирди, муҳожирлик сиёсатининг қатъийлаштирилиши ва интернет эркинлигини чеклаш ҳақидаги фикрлари Цукербергда норозилик уйғотган.

Майкл Нуньеснинг таъкидлашича, Facebook нафақат оддий интернет тармоғи, балки бутун дунё бўйлаб миллиардлаб одамлар кундалик фойдаланадиган медиадир: "Бу ерда янгиликлардан бохабар бўламиз, сиёсий қарашларимизни шакллантирамиз ва сиёсий арбоблар билан мулоқот қиламиз. Сиёсатчиларнинг ўзи ҳам Facebook'га кўп маблағ сарфлайдилар".

Анъанавий медиа, шу жумладан интернет нашрлар ўз ишларида профессионал стандартларга амал қилади. Мисол учун, янгиликлар билан таништириш давомида улар объективликка риоя қилишлари керак. Facebook бунга мажбур эмас. Ижтимоий тармоқ раҳбари истаса, нобоп номзод ҳақидаги барча маълумотлар бир лаҳзада йўқолади. Мемлар ва вирал контентларга таянувчи компания учун бу жиддий зарба. Facebook керакли номзодни тарғиб ҳам қилиши мумкин. Ижтимоий тармоқнинг ўз ҳаракатлари учун жавоб беришга мажбур қилувчи ҳеч қандай қонун йўқ.

Gizmodo'да нашр қилинган мақоладан сўнг Facebook раҳбарияти бунга муносабат билдирди: "Сайловларда қатнашиш - демократиянинг энг муҳим институтларидан бири. Бизнинг вазифамиз - бу жараёнда фуқароларни қўллаб-қувватлаш, шунинг учун барча сиёсий кучларни бизнинг платформамиздан фойдаланишга чақирамиз. Бироқ компания сифатида биз бетарафмиз: биз ўз манбаларимиздан одамларнинг овоз беришига таъсир қилиш мақсадида фойдаланмаганмиз ва келажакда ҳам фойдаланмаймиз".

Facebook'нинг янгиликлар устунининг алгоритмини ўзгартириш ва шу билан кузатувчиларнинг нима кўришига таъсир қилиш қарори бош муҳаррирнинг қайси материални энг олдинга қўйиш қароридан фарқ қилмайди. Бироқ одатий медиа ўз ўқувчиларидан сиёсий қарашларини яшириб ўтирмайди - ҳар бир газетанинг у ёки бу масалага нисбатан муносабати тарихини кузатиш мумкин. Facebook'да эса компаниянинг муносабатини англаш имконияти йўқ.