Барселона шаҳридан бўлган пенсионер, касби дастурчи бўлган Диего Буендиа испаниялик атоқли ёзувчи Сервантеснинг "Ламанчлик зийрак идальго Дон Кихот" номли асарини бўлиб-бўлиб твиттерда тарқатмоқда. Бу ҳақда El Colombiano нашри хабар берган.

У ўз тажрибасини 2014 йилнинг 1 сентябрида бошлаган. У ҳар бир ёки 2 соатда романдан бир парчани твиттерга қўювчи махсус алгоритм ишлаб чиққан.

Айни вақтда Буендиа очган аккаунтда 8 минг нафардан ортиқ фолловер йиғилган ва улар орасида мамлакат бош вазири Мариано Рахонинг номи ҳам бор.

Романни бундай антиқа усулда тарқатиш ғояси унда бир неча йил олдин пайдо бўлганди. Унинг режасига кўра охирги твит Сервантеснинг ўлимига 400 йил тўлган кунда ёзилади.

Мигель Сервантеснинг машҳур «Дон Кихот» («Ламанчлик уддабуррон идальго Дон Кихот») романининг биринчи томи 1605 йилда, иккинчи томи эса 1615 йилда чоп этилган. Асар дунёнинг барча асосий тилларига ўгирилган, унинг асосида спектакль ва мюзикллар қўйилган, шунингдек, 50 дан фильм ва сериаллар ишланган.