Япониянинг Mitsubishi Motors автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси, мамлакатда сотилган кичик литражли автомобилларининг ёқилғи сарфини қасддан камайтириб кўрсатган, деб хабар қилмоқда “Интерфакс” агентлиги компания ахборотига таянган ҳолда.

Mitsubishi матбуот хизмати маълумотларига кўра, компания синовларни қонун талаблари доирасида ўтказмаган ва сохта натижаларни Япония ер, инфрақурилмалар, транспорт ва туризм вазирлигига юборган.

Умуман, Mitsubishi’нинг Nissan учун ишлаб чиқарган 625 минг дона eK Wagon ва eK Space, Dayz ва Dayz Roox русумли 4 турдаги кичик литражли автомобиллари билан боғлиқ синов натижалари қалбакилаштирилган.

Эндиликда, Mitsubishi ва Nissan ушбу автомобиллар савдосини тўхтатиб, қоидабузарлик учун компенсация шартларини муҳокама этишмоқда. Бундан ташқари, Mitsubishi бегона экспертлар иштирокида махсус комиссия тузиш ниятида. Шу билан бирга, экспорт учун ишлаб чиқарилган автомобиллар ёқилғи сарфи қайтадан текширилмоқда.