Айрим санъаткорларнинг бугунги кунда нималар билан машғуллиги, нега кўринмай қолганлиги кўплаб мухлисларни қизиқтиради. Бугун кўринмай қолган санъаткорни топиш ҳам унчалик қийин бўлмай қолди. Улар бугун инстаграмда ижод қилаётгандек... 

Яқинда Обид Асомовниинг инстаграмдаги ўз саҳифасига жойлаштирган оилавий сурати эътиборимизни тортди. Рафиқаси, ўғли ва қизлари билан биргаликда тушган ушбу сурат остига мағрурлик туйғуси билан “Менинг оилам- менинг бахтим!!!”, дея изоҳ қолдирилган. Ушбу оилавий суратни томоша қилган мухлислар эса ўз кўнглидан кечган илиқ ва самимий тилакларини изоҳ тарзида ёзиб қолдирган. Кимдир суратдаги Обид Асомовнинг ижодига яхши баҳо берса, яна бошқа биров қизиқчининг суратдаги рафиқаси ва қизларининг гўзаллигига таъриф келтирган. Шунингдек, ушбу таърифлар ичида давом этган баъзи изоҳлар ҳам бизнинг эътиборимиздан четда қолмай, айрим саволларнинг туғилишига сабаб бўлди.

Сурат остида изоҳ ёзаётган мухлислардан бири Обид Асомовнинг қизини Голливуд актрисаси Жессика Альбага ўхшатди. Обид Асомов эса ушбу фикрга жавобан хазиллашиб: “Унинг отаси қандай чиройли, худди Ален Делоннинг ўзгинаси”, деган изоҳни қолдирди.

Яна бир мухлис: “Мабодо куёв керакмасми”, деган саволига эса қизиқчи санъаткоримиз балки хазиллашиб, балки рост, “Керак! Фақат шарти пули Алишер Усмоновдан кам бўлмасин, иложи бўлса!!!!!!”, дея жавоб берди.

Қолидирилган изоҳлар давомида қозоқ миллатига мансуб мухлислардан бири Обид Асомовнинг оилавий сурати остига, “Қизларингизни қозоқларга бермайсизми”, дея оддий, самимий савол билан мурожаат қилган. Обид Асомов эса бунга жавобан, қозоқ шевасида: ”Жууқ! Ўзи бир дона кичиги қолган уйда. Лекин яхши қозоқ қизи бўлса уйланаман! Йигит сўзи!”, дея жавоб берган.