«Милан» жамоаси хўжайини Сильвио Берлускони жамоа акцияларининг назорат пакетини қўлга киритиш бўйича янги таклиф олди.

Дунёнинг энг бой кишиларидан бири бўлган хитойлик миллиардер, Galatioto Sports Group эгаси Робин Ли Берлусконига жамоанинг 70 фоиз акцияси учун 700 миллион евро таклиф қилган.

Агар бу таклиф қабул қилинса, декабрга бориб Берлусконида жамоа акцияларининг 30 фоизлик қисми қолиши мумкин. Бу ҳақда Football Italia нашри Il Giornale манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Айни вақтда 79 ёшга чиққан Италиянинг собиқ бош вазири хитойликлар билан ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб чиқмоқда.

47 ёшли Робин Ли Хитойдаги қидирув тизими бўлмиш Baidu компанияси директорлар кенгаши раҳбари ҳисобланади.

2015 йил якунида Forbes Лини 15,3 миллиард доллар миқдоридаги мабағи билан хитойлик миллиардерлар рўйхатида 5-ўринга жойлаштирганди.

Бундан олдин таиландлик инвестор Би Тэчаубол «Милан»нинг 48 фоизлик акцияси учун 480 миллион евро бермоқчи бўлган, аммо у келишилган муддатгача бу маблағни тўплай олмаганди.

Forbes «Милан» жамоасини 775 миллион долларга баҳолаган.