"Фукусима-1" АЭСда юз берган ҳалокатдан сўнг, "Такахама" АЭСнинг биринчи ва иккинчи реакторлари хавфсиз деб топилди. Улар 1974-75 йилларда ишга туширилган эди.

2011 йил март ойида юз берган зилзила ва цунамидан сўнг, "Фукусима-1" АЭСда авария юз берган, мамлакат ҳукумати эса, 40 йилдан аввал қурилган барча атом станциялари фаолиятини номаълум муддатга тўхтатган эди.

Аммо, кейинчалик, янги хавфсизлик талабларига жавоб берадиган бўлса, улардан яна 20 йил давомида фойдаланиш мумкинлигига ишоралар қилинганди.

2016 йил 20 апрель куни Атом энергетикаси назорати бўйича давлат қўмитаси "Такахама" АЭСи илк икки реактори умуман хавфсизлик меъёрларига жавоб беради, деб топди. Экспертларнинг фикрича, бу реакторларни қайта ишга тушириш учун ташланган қадамдир.

Станция оператори бўлган Kansai Electric Power компанияси 7 июлгача яна икки марта жиддий текширувлардан ўтиши керак. Уларда бино ва ускуналарнинг эскирганлик даражаси ҳамда АЭСнинг сейсмик бардошлиги кўздан кечирилади.

Агарда давлат қўмитаси икки реакторларни қайта ишга туширишга рухсат берса, Kansai Electric Power компанияси, станция хавфсизлигини кучайтириш мақсадида қўшимча ишларни амалга ошириши керак бўлади. Бунинг учун эса, 200 миллиард иен (1,8 миллиард долларга яқин) ва 3 йил талаб этилади.

"Такахама" АЭСининг учинчи ва тўртинчи реакторлари эса, давлат қўмитасининг ижозатига қарамай, уларни хавфли деб топган суд қарорига биноан тўхтатилган эди.