The Sunday Times нашри ҳар йили турли соҳаларда фаолият олиб борувчи энг бадавлат британияликлар рўйхатини чоп этади. Газетанинг шу кунларда чоп этилувчи сонида ҳам 2016 йилнинг энг бадавлат ирланд ва британиялик мусиқачилари рейтинги тузиб чиқилди. Рўйхат бошидаги исмлар бир неча йиллардан бери ўзгармай келмоқда, бироқ даромадларнинг кўрсаткичи сезиларли даражада фарқ қилишини кўриш мумкин.

Хонанда Адель 30 ёшгача бўлган мусиқачилар орасида 2012 йилдан бери етакчиликни қўлда бой бермай келмоқда. У ёш қўшиқчилар ичида “Британиянинг энг бадавлат хонандаси”, дея эътироф этилди.

Ҳозирда Аделнинг молиявий аҳволи 85 миллион еврони ташкил этади ва бу ўтган йилги кўрсатгичга нисбатан 35 миллионга кўпроқ.

Унинг деярли барча альбомлари нафақат Британияда, балки АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам хит даражасига етди. 2015 йилда сотувга чиққан “24” номли альбоми ҳам энг кўп сотилган альбом сифатида рекорд ўрнатди.

Агарда The Sunday Times алоҳида хонандаларнинг эмас, балки бутун жамоа даромадларини ҳисобга олганида биринчи ўринни “One Direction” эгаллаган бўлар эди. Ҳозирда гуруҳнинг молиявий аҳволи 132 миллион еврони ташкил этади. Бироқ хонанда йигитларнинг алоҳида даромадлари – 33 миллион евро бўлиб, бу эса ўтган йилга нисбатан 8 миллионга ортган.

Ёши улуғлар даромади

Бироқ ёш санъаткорларнинг даромадлари узоқ йиллардан бери саҳнада ижод қилиб келаётган санъаткорларникига ета олмайди. Агар ёшларни ҳисобга олмай, умумий рейтингни кўрадиган бўлсак, Адель 30-ўринни эгаллаган. Шунингдек, у рейтингдаги энг бадавлат аёл хонанда мақомида ҳам биринчилардан эмас. Рўйхатда ундан аввал 91 миллион евро даромади билан ирландиялик хонанда ва қўшиқлар муаллифи Эния турибди.

Эния одатда, омма олдида жуда ҳам кам чиқиш қилади. Бироқ у ижро этган тароналар ва саундреклар хонанданинг бадавлат инсонлар сафига киришига сабабчи бўлмоқда.

Пол Маккартни ҳамон рейтингнинг “олтин” чўққисини забт этмоқда

Умумий рейтинг ҳисоби бўйича узоқ йиллардан бери “The Beatles” гуруҳининг собиқ аъзоси Пол Маккартни энг бадавлат инсон сифатида биринчи ўринни эгаллади. Хонанда “буюк тўртлик”нинг меросини авайлаган ҳолда, янги альбомлар чиқариб, ижод этишда давом этмоқда. У 74 ёшни қаршилаган бўлишига қарамай, дунё бўйлаб гастроль сафарларини ҳам ўтказмоқда.

Ҳозирда Маккартни ва унинг рафиқаси Нэнси Шевеллнинг молиявий ҳолати 760 миллион евродан иборат.

Умумий ҳисобда иккинчи поғонани машҳур мюзикллар муаллифи, бастакор Эндрю Ллойд Уэббер забт этди. Шунингдек, яна бир саҳна фидойиси Элтон Жон ўзининг 280 миллион евро даромади билан рўйхатнинг тўртинчи ўрнини эгаллади.