«Барселона» клуби расмий сайтида Бразилия футбол конфедерацияси (СBF) билан Неймарнинг Бразилия терма жамоасидаги иштироки борасида келишувга эришилгани ҳақида маълум қилинди. Унга кўра, Неймар ёзда бўладиган икки йирик мусобақадан фақат бирида иштирок этадиган бўлди.

Маълум қилинишича, 24 ёшли ҳужумчи Америка кубоги мусобақасини ўтказиб юборади. Бу мусобақа 3 июндан то 26 июнга қадар АҚШда бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Неймар бу мусобақадан воз кечган ва ўз ватани Бразилияда бўладиган Олимпиада ўйинларида иштирок этишни маъқул кўрган. Ушбу мусобақа Рио-де-Жанейрода 3-21 август саналарида бўлиб ўтади.

«Барселона» ўз хабарида ушбу келишув учун Бразилия футбол конфедерациясига ва унинг раҳбари Марко Поло Дел Нерога миннатдорчилик билдиради.

Аввалроқ, футболчининг ўзи терма жамоаси билан 2 турнирда ҳам иштирок этишни истаётгани, лекин жамоа раҳбарияти бунга қарши чиққани маълум қилинганди. Кейинроқ, «Барселона» бош мураббийи Луис Энрике футболчини Олимпиадага қўйиб юборишга рози бўлгани ҳақида хабар берилганди. Қайд этиш керакки, ушбу мутахассиснинг ўзи ҳам Барселона-1992 Олимпиадасида иштирок этиб, олтин медалга га бўлган эди.

ФИФА регламентига кўра, «Барселона» Неймарни терма жамоаси сўраса, қўйиб юбориши керак. Лекин, Олимпиада ўйинларига юбормасликка ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, терма жамоалар Олимпиада мусобақаларида 23 ёшда юқори бўлган 3 нафар футболчи билан қатнашишларига рухсат тилган. Бразилия ўз тарихида Олимпиаданинг футбол мусобақасида ҳеч қачон ғолиб чиқмаган. Жамоа 1984, 1988 ва 2012 йилларда финалга чиққан, лекин уч сафар ҳам Франция, СССР ва Мексика вакилларига мағлуб бўлишган. Бразилияликлар шунингдек 1996 ва 2008 йилларда ўтказилган Олимпиада ўйинларида бронза медалларга эга бўлган.

«Барселона» Неймарни Олимпиада ўйинларига қўйиб юбормоқчи эмас