Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон қиролича Елизавета II ни 90 йиллик юбилейи билан табриклади ва унинг кўзларида барча британияликлар акс этишини қўшимча қилиб, унинг "бўйсунмас қоя"га қиёслади.

"Ўтган бу вақт ичида сиёсий жабҳада тўлқинлар қирғоқларга тошди, қумлоқларни ювиб кетди, Ҳазрати Олиялари эса мустаҳкам қоя каби тураверди. У бизнинг миллатимизнинг ва қироллигимизнинг барқарорлиги рамзидир", дейди бош вазир.

Кэмерон қиролича кўпдан-кўп тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлганини қайд этиб ўтган: Совуқ урушнинг бошланиши, Шимолий Ирландия билан сулҳ, Англияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Ойга фазогирнинг қадами етиши.

Буюк Британияда қироличанинг 90 ёшга тўлиши муносабати билан тантанали маросимлар ўтказилмоқда.

Қироличанинг келиши мушакбозлик билан кутиб олинди. У турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги Филип билан қалъа олдидаги майдонда Happy Birthday садолари остида қоқ тушки пайт пайдо бўлди. Қиролича шаҳар ратушасида тенгдошлари — 21 апрель куни 90 йиллигини нишонлаётган британияликлар билан кўришди. Суҳбат ва торт кесиш маросимидан сўнг қиролича ҳамда унинг турмуш ўртоғи очиқ Range Rover автомобилида тик туриб, Виндзор кўчалари бўйлаб айланди.

Туғилган кунини одатда оила даврасида нишонлайдиган ва юбилей учун истисно қилган Елизавета II кечки пайт омма орасида яна бир бор пайдо бўлади. У Виндзорда ўрнатилган машъалалардан бирини ёқиб беради, шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ катта-кичик олов ёқилади. Қироличанинг катта ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарльз қисқа нутқ сўзлаши кутилмоқда, кейин эса Виндзор қалъасидаги кечки зиёфатда юбилей соҳибасини яқинлари табриклайди.

Қиролича 90 ёшга тўлганлигининг кенг кўламдаги нишонланиши эса май ва июнь ойларида бўлиб ўтади.