20 апрель куни Тошкентдаги International меҳмонхонасида USENET 2016 конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Digital Marketing — интернетда бизнесни юритиш, бунда ижтимоий тармоқларнинг ўрни, онлайн реклама хизматларидан фойдаланиш, электрон савдо, стартаплар ва онлайн нашрлар ҳақида сўз борди.

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Россиядан ўнлаб етакчи мутахассислар сўзга чиқди.

Кун давомида ўтказилган USENET 2016 конференциясида Kun.uz сайти раҳбари Махсуд Асқаров «Ўзбекистонда қандай қилиб омадли онлайн нашрга асос солиш ҳақида» гапирди.

Унинг сўзларига кўра сайт ташкил этилган 2012 йилда унинг аудиторияси 50 минг кишига яқин бўлган. 2013 йилда бу кўрсаткич 320 000, 2014 йилда 900 000, ўтган йили эса 3 миллион нафар киши бўлган.

Рақамлардан кўриниб турганидек, сайт аудиторияси йилдан-йилга тез ўсиб бормоқда. Буни 2016 йилнинг илк уч ойидаёқ сайтга 1 800 000 нафар киши ташриф буюргани ҳам исботлайди.

«Шунингдек, Kun.uz сайтининг ижтимоий тармоқлардаги ўқувчилари сони 300 мингдан зиёд ва сайтга ҳар куни ўртача 150та хабар, мақола, интервью киритилмоқда», дейди Махсуд Асқаров.

Унинг сўзларига кўра, «Kun.uz» ўз келажагини видео контент, мобил версия, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни ривожлантиришда кўрмоқда.

24 апрель куни, соат 15:00да сиз ҳам «Kun.uz» ҳақида ўзингизни қизиқтирган саволларни нашр раҳбаридан сўрашингиз мумкин. Бунинг учун Facebook'даги саҳифамизда жонли эфирга чиқамиз. Бизни Facebook'да кузатиб боринг ва албатта, сиз билан ҳам суҳбатлашамиз.