Каталониянинг «Барселона» клуби ҳужумчиси Луис Суарес Испания чемпионатининг 34-туридан ўрин олган «Депортиво»га қарши учрашувда (8:0) «гол+пас» тизимида 7 очко ишлади.

28 ёшли футболчи тўртта гол киритишдан ташқари Лионель Месси, Иван Ракитич ва Неймарга голли узатмаларни амалга оширди. Футбол тарихида ҳали бирорта «Барселона» футболчиси бу натижани такрорлай олмаганди.

Статистик маълумотлар билан шуғулланувчи MisterChip твиттер аккаунти берган маълумотга кўра, Суаресгача мазкур натижани 66 йилдан буён ҳеч ким бажара олмай келаётганди.

1950 йилда «Атлетико» ҳужумчиси Хосе Хункос «Расинг»га қарши учрашувда (9:1) 4та гол ва 3та голли узатмани амалга оширган. Мазкур натижага гувоҳ сифатида MisterChip аккаунти ўйин қайдномасининг фотосини жойлаштирган.