Мексиканинг Веракрус штати, Коацакоалькос шаҳридаги Clorados 3 нефть корхонасида портлаш юз бериши оқибатида камида 60 киши жароҳат олди, 3 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Petróleos Mexicanos (Pemex) нефть-газ давлат компанияси твиттерида маълум қилинди.

Завод Pemex ва Mexichem компаниялари томонидан назорат қилинувчи Petroquímica Mexicana de Vinilo компаниясига тегишли.

Маълумотларга кўра, завод ҳудудидаги реактор устунларидан бири портлаган. Портлаш оқибатида атмосферага ката миқдорда зарарли моддалар чиққан. Завод ён-атрофида яшовчи аҳолига ўз уйларини тарк этмаслик тавсия қилинган.

Жароҳатланганлардан 38 нафари яқин орадага шифохоналарга, 20 нафарга яқини компаниянинг Коацакоалькосдаги шифохонасига етказилган.

Ҳукумат кучлари завод яқинидаги барча йўлларни тўсиб қўйган. Шунингдек, корхона яқинидаги мактабларда машғулотларни бекор қилишга қарор қилинган. Маълум қилинишича, олов тарқалишини тўхтатишга муваффақ бўлинган.

Воқеа жойида фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир ҳафта аввал ҳам Мексиканинг Чьяпас штатида Pemex’га тегишли Cactus газни қайта ишлаш заводида портлаш юз берганди.