Наманганлик А. Холдоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам интернетда ин қурган ёвуз кучларнинг тузоғига тушиб, уларнинг ўлжасига айланганлардан бири. Наманган шаҳридаги академик лицейда ўқийдиган бу йигитча 2013 йил май ойидан эътиборан қариндоши Ш.Омоновга уяли телефон аппаратлари аксессуарлари савдосига ёрдамлаша бошлайди. Шу пайтдан қариндошининг ноутбуки орқали террорчилик ташкилоти томонидан тайёрланган “ҳижрат” ва “жиҳод”га чорловчи видеоларни мунтазам томоша қилишга киришади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

У “устози” Ш.Омоновнинг таъсирида “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими аъзолигини қабул қилади. Вақти келиб Ш.Омонов диний-экстремистик турдаги жиноятлари учун ушланиб, тегишли жазога ҳукм этилади.

А.Холдоров тайёрланган видеороликларга шундай қизиқиб кетадики, унда Сурияга кетиш истаги пайдо бўлади.

Бу ҳақда Холдоровнинг ўзи шундай дейди: “Интернет фойдаланувчилардан бири менга Туркияда ошпазлик иши борлигини, яхшигина ҳақ берилишини, маълум муддат ишлаганимдан кейин Сурияга чиқариб юбориши ҳақида даъват қила бошлади. Таклифига рози бўлдим, лекин Туркияга боришга пулим йўқлигини ёздим. У бошқа бир профилдаги шахсга мурожаат қилишимни айтди...”.

Улардан бири аввал Россияга бориб, бироз ишлаб, у ердан Туркияга ўтишини, сўнг Сурияга кетишини маслаҳат берди. Бошқаси Сурияга кетадиган бўлса, бирор банк орқали пул жўнатишини айтди. Бузғунчилар қандай йўл билан бўлмасин, уни Ўзбекистондан чиқиб кетишга кўндириш учунтурли таклифларни билдиришди.

Унинг бу хатти-ҳаракатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўз вақтида нуқта қўйилди. А.Холдоров Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди.